Президент Шавкат Мирзиёев 27 июль куни Тошкент шаҳрида коронавирус пандемиясига қарши курашиш, бу борадаги ишларнинг самарадорлигини, аҳолига сифатли ва ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш қамровини ошириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳисоботини тинглади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, давлат раҳбари эпидемиологик ҳолатни жиддий назоратга олиб, деярли ҳар бир йиғилишда бу масалага тўхталиб ўтмоқда. Жумладан, 15 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги эпидемиологик вазиятни жиловлашдаги ишлар жиддий танқид қилиниб, касалларни ўз вақтида ва тўғри даволаш учун шароит яратиш бўйича топшириқлар берилган эди.

Таъкидланишича, пойтахтда қисқа вақтда кенг кўламли ташкилий ишлар амалга оширилди. Юнусобод туманидаги «Ўзэкспомарказ» павильонида, гимнастика саройида, «Ёшлик» спорт мажмуаси ва бошқа биноларда коронавирусга гумон қилинганларга ташхис қўйиш, заруратга кўра даволаш учун шароит яратилмоқда. Улар пандемия талаблари асосида жиҳозланиб, зарур тиббий ускуналар билан таъминланмоқда.

Касалликка чалинганлар ва айни кунларда пневмониядан азият чекаётганларга амалий ёрдам тариқасида 10 та махсус поликлиника ташкил этилди. Уларнинг фаолияти тун-у кун йўлга қўйилган бўлиб, фуқаролар бу ерга мурожаат қилиш орқали малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимот шаклидаги муҳокамада Ўзбекистон бош вазири, марказий муассасалар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлашга жалб этилган бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари пандемия шароитида соғлиқни сақлаш миллий тизимини қўллаб-қувватлаш, жумладан, пойтахтдаги спорт мажмуалари негизида ташкил этилаётган тақсимлаш марказлари ва янги клиникаларни тиббий ходимлар билан таъминлаш, коронавирус билан хасталанган шахсларни самарали даволашга мамлакат ҳарбийлари, ҳарбий-тиббий муассасаларнинг хизматчилари ва тиббиёт мутахассисларини жалб қилиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Жалб қилинаётган тиббиёт ходимларининг сменадаги меҳнатига ҳар куни, ўз вақтида ҳақ тўлаш, уларни зарур якка тартибдаги ҳимоя воситалари, озиқ-овқат ва ётоқ билан таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Муҳокама якунида мутасадди тузилмалар раҳбарларига бу борадаги ишларни ташкил этиш бўйича аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев раислигида 15 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларни талаб даражасида ташкил этмагани, эпидемиологик вазиятнинг салбий ўзгаришларига тайёр бўлишни таъминламагани, бу касаллик билан «пастга тушиб» мукаммал шуғулланмагани учун соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳайфсан эълон қилинганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ва вилояти раҳбарларини ҳам танқид қилганди.