Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Жорий йилнинг 23 июль куни «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти Сурхондарё филиали директори Муҳиддин Маматқулов 53 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Муҳиддин Маматқулов 1967 йилда Термиз туманида туғилган. У 1992 йилда Тошкент электротехника алоқа институтини, 2004 йилда Термиз давлат университетини тамомлаган.

Қайд этилишича, Муҳиддин Маматқулов турли йилларда вилоят Давлат почта алоқа ва матбуот тарқатиш корхонаси бошлиғи ўринбосари, вилоят «Матбуот уюшмаси» АЖ бошлиғи, «Сурхондарё почтаси» ОАЖ директори, «Ўзбекистон почтаси» ОАЖ Тошкент филиали директори, «Сурхон Сардори» МЧЖ ижрочи директори, «Ўзбекистон почтаси» АЖ Сурхондарё филиали директори лавозимларида фаолият юритган.

«Сурхондарё вилояти ҳокимлиги жамоаси почта алоқаси хизматлари ривожига муносиб ҳисса қўшиб, халқимиз ҳурматига сазовор бўлган меҳнатсевар ва самимий инсон Маматқулов Муҳиддин Шермуҳамедовичнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдиради», — дейилади ҳокимлик матбуот хизмати хабарида.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати 53 ёшли Муҳиддин Маматқуловнинг ўлими сабабига аниқлик киритмаган.

Бундан аввал Қорақалпоғистон телерадиокомпанияси директори Бахитбек Элмонов, «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази»нинг капитал қурилиш бўйича директори Алишер Абдуазизов, «Ниҳол» мукофоти совриндори, хонанда Аброр Парпиев, Марказий банк раисининг собиқ ўринбосари Ашур Қодиров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, рассом Зубайдулла Ботиров, «Сувсоз» ДУК раҳбари Тоҳир Мирҳидоятов вафот этгани ҳақида хабарлар берилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар