Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов коронавирусга чалинган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.

Тўра Боболов.

Фото: «Дарё»

Хабарда айтилишича, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов айни вақтда коронавирусга чалинган беморларни даволашда янги тактика ишлаб чиқиш учун Қорақалпоғистонда бўлиб турибди. У ерда ҳволи оғир беморлар ҳолати, уларни даволаш жараёнини таҳлил қилиш ва керакли ўзгартиришларни киритиш мақсадида хорижлик ва маҳаллий мутахассислар ва олимлар иштирокида видеоконференция ташкил этилган.

Унда Европа анестезия ва интенсив терапия жамиятининг президенти, Франкфурт университети клиникасидаги Анестезия, интенсив терапия ва касалликларни даволаш клиникаси директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Кай Захаровский, Франкфурт университети клиникасининг анестезиология, интенсив терапия ва шошилинч тиббиёт йўналишидаги мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори Холгер Неб иштирок этган.

Хорижий экспертлар ва маҳаллий мутахассислар Нукус шаҳридаги клиникада даволанаётган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов ва Тошкент шаҳрида даволанаётган Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг ҳолатини таҳлил қилган.

Муса Ерниязов.

Фото: «Дарё»

«Бугунги кунда уларнинг ҳолати стабил деб топилди, олиб борилаётган даволаш тактикаси тўғрилиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган стандартлар асосида олиб борилаётгани таъкидланди», — деб ёзади ССВ.

18 июль соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 16 068 кишида коронавирус аниқланган. Ушбу беморларнинг 9003 нафари соғайган.

Ўзбекистонда айни вақтгача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 81 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар қилган. «Дарё» ҳисоби бўйича яна 2 киши (ДХА ва Маданият вазирлиги ходимлари) касаллик қурбони бўлган.