Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, дея хабар берди «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали.

Фото: «Дарё»

Киритилган ўзгартиришларга кўра, қуйидаги харажатлар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлигига ажратиладиган субсидиялар ҳисобидан компенсация қилинади:

– экспорт қилувчиларнинг автомобиль, ҳаво ва темир йўл транспортида экспортга ташиш, шунингдек, гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда суғурта мукофотини тўлаш;

– мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчиларнинг қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзоларини янги технологияларга ўргатиш;

– агротехник тадбирлар мониторинги ва маркетинг тадқиқотларини ўтказиш;

– ваколатли органларнинг маҳсулотларни экспорт қилиш учун зарур бўлган рухсатнома ва сертификатларини расмийлаштириш.

Шунингдек, қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳсулотни экспорт қилишда ташиш харажатларини давлат бюджети маблағлари ҳисобига компенсация қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 660-сон қарори ўз кучини йўқотди.