Самарқанд вилоят ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси Жиноят қидирув бўлими ташаббуси билан психотроп дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди, — дея хабар берди «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев.
Маълум бўлишича, 2020 йилнинг 11 июль куни соат тахминан 09:50 да Ургут туманида яшовчи фуқаро Б.У. 2,5 миллион сўм эвазига саккиз қути, жами 110 дона қадоқланган «Лирика» психотроп дорисини Ш. исмли шахсга сотаётган вақтида қўлга олинган.
Бошқарма тезкор ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув давомида фуқаро ушбу психотроп дориларни Тойлоқ туманида туғилган Ў.Б.дан сотиб олганлиги маълум бўлган.
Самарқанд вилоят транспортда ХТБ ЖҚБ тезкор ходимлари томонидан давом эттирилган тадбирда фуқаро Ў.Б. қўлга олиниб, сўроқ қилинган. У «Лирика» психотроп дорисини сотганини, дорини Тойлоқ туманида туғилган М.Х. исмли фуқародан олганлигини маълум қилган.
Самарқанд вилоят ИИБ транспортда ХТБ ЖҚБ ходимларининг ўша куни тадбири давомида тойлоқлик М.Х. Damas русумли автомашинасида 63 қути, 882 дона қадоқланган «Лирика» психотроп дори воситаси билан қўлга олинган.
Ҳозирги кундан ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)