Қандли диабет ва жигар сиррози билан оғриб келган бемор коронавирусга чалиниб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.

Учтепа туманида яшовчи 65 ёшли С.Қ. исмли аёлда 9 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва ўткир нафас етишмовчилиги билан Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик нафас ва ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги билан кечган.

У, шунингдек, қандли диабет, гипертония ва жигар сиррози касалликлари билан ҳам оғриб келган. Шифохонада беморнинг даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

«Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди», — дейилади ССВ хабарида.

65 ёшли аёл коронавирусдан вафот этган Ўзбекистондаги 62-бемор бўлди.