Актёр ва режиссёр Маъруф Отажонов «Дарё» интернет-нашрига эксклюзив интервью берди. Интервьюни «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Маъруф Отажонов суҳбат давомида «Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон»  ҳужжатли фильмидаги Амир Темур ролига уни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов тасдиқлагани ҳақида гапириб берди.

Менинг расмимни Ислом Каримовнинг олдига олиб киришган: ‘Мана шу одамни топдик, рол учун’ дея. Шунда Президентимиз расмга қараб туриб,  ‘Ана кўрдингми, Ўзбекистонда ҳам Амир Темурга ўхшаган инсон бор’ деб қизларига айтган эканлар. Бу факт экан. Бўлмаса, мендан олдин бешта актёр юборилган экан, дунё миқёсида кастинг уюштирилган, Бред Питт тавсия қилинган, Сильвестер Сталлоне, Амитабҳ Баччан ҳам бўлган. Режиссёр менга айтиб берган. Туркиялик актёр Ҳалит Эргенч ҳам бўлган. Лекин Биринчи Президентимиз ўзбек актёрини топиш кераклигини таъкидлаганлар. ‘Ўзбек актёрлари ичида йўқ экан’ деб айтишганда, Президентимиз:  ‘Бўлмаса, кино ҳам керак эмас’ деб айтган эканлар. Мен ўшанда  ‘Ойқиз эртаги’ фильмида ўйнаётган эдим.

‘Ўзбеккинўда ишлайдиган бир шогирдим мени тавсия қилган экан. Кейин Баҳодир Йўлдошев билан учрашдим. Менга режиссёрлар: ‘Ғазаб билан ўнгга, чапга қараб беринғ, дейишди. Кейин расмга тушириб олишди. Расмларни жўнатишини, агар улар тасдиқлашса, менга хабар беришларини айтишди. Айнан ўша куни кечқурун 12 да менга қўнғироқ қилиб, ‘Маъруф ака, сизни ролга тасдиқлашди’ деб айтди. ‘Раҳмат’ деб зўрға жавоб бердим, кўзимдан тинмай ёш оқарди, ҳаттоки ёнимда ўтирган турмуш ўртоғим ҳам йиғлаганди.

Маъруф Отажонов, актёр, режиссёр, каскадёр

Маълумот учун, «Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон» ҳужжатли фильмига Лола Каримова—Тиллаева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаев продюсерлик қилган. Фильмда Амир Темур ролини Маъруф Отажонов, Мирзо Улуғбек ролини Арманд Ассанте, Абдулатиф ролини эса Жавоҳир Зокиров ижро этган. Фильм режиссёри Баҳодир Йўлдошев ушбу кинокартинада XV асрнинг буюк астрономи ҳамда Мовароуннаҳр ҳукмдори ҳаётидаги фожиалар, мушкулотлар ва зафарларни акс эттирган.