YouTube’даги «Гараж 54» канали муаллифлари Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган «Ока» базасида сувда сузадиган автомобиль яратишга қарор қилди. Модификация ва қўшимча қурилмалар ўрнатилганидан сўнг машина илк бор сувда сузиб кўрди.
Ғояни амалга ошириш учун лойиҳа муаллифлари эски «Ока» сотиб олган ва унинг кузов ҳамда бамперини янгилаган. Автомобиль кузовининг орқа қисми вентиляторни ўрнатиш учун олиб ташланган.
«Ока» бирданига чўкиб кетмаслиги учун қўлбола амфибияга олтита бочкадан иборат понтон тайёрланган. Сувда сузадиган моделни бошқариш учун муҳандислар руль рейкасини руль чамбараги билан ўзаро улаб қўйган.
Блогерлар мазкур автомобилни синаб кўриш учун уни сувга туширган, бироқ жараён давомида сол қирғоқдан узоқлашиб кетгани сабаб автомобиль сувга чўка бошлаган. Муҳандислар иккинчи уринишда «Ока»ни сувга туширишга ва дарё бўйлаб «аэротяга» ёрдамида сузишга муваффақ бўлган. Синов давомида сувдаги ҳаракат тезлиги соатига 2-3 километрдан ошмаган, аммо бу турдаги транспорт воситасини бошқариш мумкинлиги исботланган.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин YouTube’даги «Ғилдираклар устидаги цирк» канали блогерлари Lada XRay автомобилини амфибияга айлантириб, унинг ёрдамида сувда сузиш мумкинлигини кўрсатиб берганди.
Изоҳ (0)