Бухоро давлат университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, бунинг эвазига 4 минг доллар пора олишга уринган университет ўқитувчиси қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Дарё»га маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Бухоро давлат университети ўқитувчиси Ш.Қ. танишлари орқали фуқаро Г. исмли фуқарони мазкур университетга ўқишга киритиб қўйиши эвазига 4 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 1-қисми ва 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ  Тошкент давлат аграр университети Андижон филиалига 2 минг долларга ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган собиқ ўқитувчи, Наманганда университетга ўқишга киритишни ваъда қилиб, 2,5 минг доллар ва 5 млн сўм талаб қилган фирибгар ўқитувчи, Самарқандда 6 минг доллар эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахслар қўлга олингани тўғрисида хабар берилган эди.