Тошкентнинг Сергели туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун хайрия ҳисобига келиб тушган маблағларнинг талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Департаментнинг Сергели туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Сергели бўлими мансабдор шахслари умумхалқ хайрия ҳашари ҳисобидан келиб тушган маблағларни гўёки ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун совға, моддий ёрдам пуллари берилганлиги ва бошқа ижтимоий ёрдамлар кўрсатилганлиги ҳақида сохта баённомаларни расмийлаштириш орқали 95,8 миллион сўм маблағларни талон-торож қилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Сергели бўлими мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Оққўрғонда 2020 йилнинг май ойида М.Алишев ва туман «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳисобчиси Б.Ниёзов «Саховат ва кўмак» жамғармасига келиб тушган маблағларни турли йўллар билан нақдлаштириб, жами 109,2 миллион сўм пулни ўзлаштиргани хабар берилган эди.