«Жамоатчилик фикри» фонди ва «Левада-центр» ҳамкорлигида ўтказилган сўровномада иштирок этган россиялик шифокорларнинг ярмидан кўпи коронавирус борасидаги расмий статистикага ишонмаслигини билдирган, деб хабар беради «Ведомости».
Сўровнома иштирокчиларининг 49 фоизи коронавирусга чалинганлар борасидаги расмий статистика камайтириб кўрсатилмоқда деб ҳисоблаган. Яна 9 фоиз иштирокчи мазкур маълумотлар ошириб юборилганини қайд этган. Сўровноманинг ҳар тўртинчи иштирокчиси (23 фоиз) тақдим этилаётган маълумотлар ишончли эканлигини билдирган.
Шифокорлар, шунингдек, коронавирус қурбонлари борасидаги статистикани ҳам баҳолаган: 47 фоизи — «маълумотлар камайтирилган», 11 фоизи — «маълумотлар ошириб юборилган», 21 фоизи — «ишончли» этиб белгилаган.
Маълумотларга кўра, сўнгги ойларда Россия фуқаролари орасида коронавирус борасидаги расмий статистикага бўлган ишонч камайган: апрель ойида уларнинг сони 58-59 фоизни ташкил этган бўлса, июнь охирларига келиб кўрсаткич 46-47 фоизга тушиб кетган.
Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу сўровномага изоҳ бермаган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Россияда умумий ҳисобда 687 862 кишида коронавирус қайд этилган. Ҳозирга қадар мамлакатда 454 329 киши соғайган бўлса, 10 292 киши вирус қурбонига айланган.