Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 23 нафар, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказида 73 нафар, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида 23 нафар, шаҳар 1-сон клиник шифохонасида 11 нафар ва Навоий вилоятида 12 нафар, жами 142 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайиб, ўз уйига кузатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

2020 йил 2 июль ҳолатига кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятида коронавирус инфекциясидан тузалганлар сони 3625 нафарни, Навоий вилоятида COVID-19’дан фориғ бўлганлар сони эса 252 нафарни ташкил қилмоқда.

2 июль кун давомида 187 нафар бемор (аввал Қашқадарёда 45 нафар бемор тузалганди) коронавирусдан тузалди ва соғайганларнинг умумий сони 6034 нафарга етди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2020 йил 2 июль соат 17:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилган беморлар сони 92 кишига кўпайиб, 8996 нафарга етган. 15 март, яъни Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси бошланганидан бери жами 27 нафар бемор касаллик асоратлари оқибатида ҳаётдан кўз юмган.