Жиззах шаҳар ҳокимининг 2020 йил 1 июлдаги №796-сонли қарорига мувофиқ шаҳарга кириш ва чиқиш қаттиқ назорат остига олинди. Бу ҳақда «Sangzor.uz» хабар берди.

Фото: «Дарё»

Маълумотларга кўра, шаҳар ҳудудидаги 4 та маҳаллада коронавирус билан касалланганлар аниқланган.

«Шу муносабат билан 2 июлдан бошлаб Жиззах шаҳрига кириш ва чиқиш қаттиқ назоратга олинди. «Қалия», «Бунёдкор», «Зилол» ва «Маданият» маҳаллалари ҳудудларига кириб-чиқиш тўхтатилди», — дейилади хабарда.

Бунга қадар вилоятнинг Шароф Рашидов, Дўстлик ва Ғаллаорол туманлари «қизил» ҳудуд тоифасига киритилган эди. 29 июнь куни Жиззахда туғилган кунда коронавирус юқтириб олган 72 ёшли отахон вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.

30 июнь куни Ўзбекистондаги туман ва шаҳарлар эпидемиологик тоифалари рўйхати янгиланган. Янги рўйхатга кўра, Шароф Рашидов тумани «қизил», қолган барча туманлар «яшил» ҳудудга киритилган эди.

Ўзбекистонда 2 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 8904 нафарга етди.