Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 7-туридан ўрин олган «Андижон» — «Бунёдкор» учрашувидан (0:0) сўнг ҳар икки жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Вадим Абрамов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Четлатишга қадар ва ундан кейин ҳам ғалабага яқин эдик. Афсуски юзага келган имкониятлардан унумли фойдалана олмадик. Бундай об-ҳавода ўн киши бўлиб ўйнаш қийин. Майдон ҳам тезкор футбол ўйнашга имкон бермади, тўп кўп вазиятларда тўхтаб қолди. Балки майдонга мослаша олмагандирмиз.
Анвар Ғофуров ёшини инобатга олиб ва олдинда тиғиз тақвим кутиб тургани сабаб, уни захирада қолдиргандик. Қизил карточкадан кейин эса уни туширишга тўғри келди», — дейди Абрамов.
Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар мураббийи Диёр Мирзабоев қатнашди.
«Бунёдкор»га қойил қолмасдан илож йўқ. Улар ўн киши қолиб ҳам ҳужумлардан тўхтамади. Футболчиларимизнинг нима сабабдан суст ҳаракат қилганини учрашув видеолавҳаларини ўрганиб чиқиб, билиб оламиз.
Ҳужум чизиғи? Бизда икки ҳужумчи бор. Ҳар бир мураббийлар штаби таркибдаги мавжуд футболчилардан фойдаланади. Бизда бори шу.
Рақиб камчиликда ҳаракат қилган бўлса ҳам голли вазиятлар содир эта олди. Шу сабаб бир очко қўлга киритдик деб ҳисоблайман», — дейди мутахассис.
Мазкур дурангдан сўнг «Бунёдкор» (13) иккинчи ўринга кўтарилиб олиш имкониятини кўкка совурди ва 4-поғонага тушиб кетди. «Андижон» эса (4) 11-ўринга кўтарилди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)