Испаниянинг «Валенсия» клуби бош мураббийи Алберт Селадес истеъфога чиқарилди. Бу ҳақида клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.
Клуб раҳбариятининг бундай қарорга келишига жамоанинг қониқарсиз натижалари сабаб бўлган. Клуб мураббийга иш учун миннатдорчилик билдирди. Мавсум сўнггига қадар эса ушбу лавозимни Селадеснинг ёрдамчиси эгаллаб турадиган бўлди.
44 ёшли мутахассис 2019 йилнинг сентябрь ойидан бери «Валенсия»ни бошқариб келаётганди. Шунингдек, клуб жорий йилнинг январь ойидан бери спорт директори лавозимида фаолият юритиб келган Сесар Санчес билан ҳам ҳамкорликни тўхтатди.
«Валенсия» Испания Ла Лигасининг 32-туридан кейин 46 очко жамғарган ҳолда, турнир жадвалида 8-ўринни эгаллаб турибди. Жамоа кейинги турда 1 июль, чоршанба куни «Атлетик Бильбао»ни қабул қилади. Учрашув Тошкент вақти билан 22:30 да бошланади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)