Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов «Андижон» клуби собиқ футболчиси Иброҳим Отахоновга уй совға қилди.
Жамоа сафида 16 йил ҳаракат қилган футболчига Андижон шаҳри яқинида жойлашган 16 қаватли уйдан 2 хонали хонадон берилган.
«Авваломбор, Шуҳрат Абдураҳмоновга камтарона меҳнатларимиз юксак қадрлагани учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Оила-аъзоларимнинг қувончларини сўз билан таърифлаш қийин.
16 йил «Андижон» футбол клубида тўп сурдим, шу вақт мобайнида ўзимга яраша ҳурмат, эътибор ва мухлислар ортирдим. Шу фурсатдан фойдаланиб, «Андижон» жамоасининг барча аъзоларига, мен билан бирга тўп сурган футболчиларга, клуб раҳбари Маъруф Абдисаломовга, мен билан ишлаган барча мураббийларга, клубнинг барча ходимлари ва «Андижон» жамоасининг минглаб мухлисларига ўз миннатдорчилигимни билдираман», — деди Отахонов.
Маълумот учун, Отахонов 2004—2019 йиллар мобайнида «Андижон» жамоасида тўп сурган.
Эслатиб ўтамиз, Шуҳрат Абдураҳмонов 2019 йилги футбол мавсуми доирасида Суперлиганинг 5-турида «Насаф»ни 3:1 ҳисобида енгган «Андижон» клуби футболчиларининг ҳар бирига 10 миллион сўмдан мукофот пулини стадионнинг ўзида топширган эди. Бундан ташқари жамоа вакилларидан бири Фарҳод Бекмуродовга Chevrolet Gentra автомобилини ҳадя қилганди.
Изоҳ (0)