Бухоро вилоятида коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича вилоят комиссиясининг 29 июнь, душанба куни ўтказилган йиғилишида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Хабарда қайд этилишича, комиссия қарорига асосан, сўнгги пайтларда аҳоли орасида коронавирус инфекцияси билан касалланиш кўпайганлиги инобатга олиниб, 2020 йилнинг 30 июнидан вилоятда жамоат транспортлари (автобус) ҳаракати номаълум муддатга қадар тўлиқ тўхтатилиши белгиланган.

Йўналишсиз таксиларнинг карантин талабларига риоя этган ҳолда ҳаракатланиши қатъий назорат остига олинади. Йўловчи ташиш учун белгиланган карантин қоидаларини бузган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади ва автотранспорт воситаси жарима майдончасига киритилади, дейилган хабарда.