Ўзбекистонда кейинги ҳафтадан бошлаб аҳолида коронавирусга қарши антитаналарни аниқлаш учун тест олиниши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулло Оқилов АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Фото: «Дарё»

«Биз ҳозирга қадар коронавирус билан зарарланганларни аниқлаб, уларни даволаш, вирус юқтирган беморлар билан мулоқотда бўлганларни эса карантинга олиш масалалари билан шуғулландик», — деди Ҳабибулла Оқилов.

Унинг сўзларига кўра, коронавирусни аниқлаш учун ПЗР таҳлили лозим бўлади. Антитаналар шаклланиши учун эса вирус юқтирган беморлар тузалиб чиққан бўлиши лозим.

Қайд этилишича, карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш учун антитаналарни аниқлаш керак бўлади. Бунинг учун Ўзбекистонда ҳам келаси ҳафтадан аҳоли орасида иммунофермен таҳлилини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда хусусий тиббиёт муассасаларига коронавирус тестини ўтказишга рухсат берилгани, Ўзбекистонда коронавирусга тест топширганлар сони 1 миллиондан ошгани ҳақида хабарлар берилганди.