Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 5-туридан ўрин олган «Локомотив» ва «Сўғдиёна» жамоалари ўртасидаги баҳсдан кейин ҳар иккала жамоа бош мураббийлари ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Жиззахликлар бош мураббийи Улуғбек Бақоев ўйин ҳақида фикр билдирар экан, жамоа олдига ҳар бир учрашувда ғалаба қозониш вазифаси қўйилгани ҳақида гапирди:
«Рақиб клуб Суперлигадаги энг яхши таркибга эга жамоалардан бири. Ундан ташқари, улар мамлакат вице-чемпиони ҳисобланади. Жиддий тайёргарлик кўрдик. Қийин ўйин бўлишини билган эдик ва кутганимиздек баҳс бўлиб ўтди.
Биз ҳар бир жамоани ҳурмат қиламиз. Уларнинг мавқейидан қатъи назар ҳар бир учрашувга максимал равишда тайёргарлик кўрамиз.
Бу — футбол. Агар барча футболчилар ўзларига юкланган вазифани 100 фоиз тўғри бажарса, исталган жамоани мағлуб этиш мумкин.
Биз ҳар бир учрашувга ғалаба учун майдонга тушамиз. Менинг олдимга ҳам айнан шу вазифа қўйилган. Мавсум якунида кўрсатган ўйинимизга мос бўлган поғонани эгаллаймиз».
Матбуот анжуманинг иккинчи қисмида эса «Локомотив» бош мураббийи Андрей Фёдоров қатнашди.
«Карантиндан кейинги иккинчи ўйинда ҳам биз ҳудудий устунликка эга бўлдик. Шунингдек, «Сўғдиёна»дан ҳам шундай ўйинни кутгандик. Аммо рақибларнинг йўллаган икки зарбаси ва голида ўзимиз айбдормиз. Дастлабки ўйинда ҳам биз гол уриш учун кўплаб вазиятга эга бўлгандик. Ҳозир бизда вазиятдан фойдаланиш борасида муаммолар бўлмоқда. Ўтган ўйинни таҳлил қилиб, 3-4 кун давомида бу борада қаттиқ тер тўккандик. Ҳимоядаги ишларимиз ҳам юришмаяпти. Бунга қадар ҳимояда бунақа ўйнамагандик. Энди йўлга қўйилган хатоларни тўғрилаш борасида ишлаш керак. Шунингдек, руҳий ҳолат ҳам унчалик яхши бўлмаяпти. Таркибимизда тажрибали футболчилар жуда кўп. Бу бизга юборилган бир синов. Биз ушбу ҳолатдан чиқиб кета оламиз. Бундай ҳолатга тушиб қолишда барчамиз айбдормиз», — дейди Фёдоров.
Ушбу ғалабадан кейин «Сўғдиёна» очколари 7 тага етган бўлса, «Локомотив» кетма-кет иккинчи ўйинда мағлубиятга учраб, очколари (6) ўзгаришсиз қолди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)