Сардоба фалокатидан зарар кўрган ҳудудлардаги таъмирлаш ишлари учун Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияларининг ҳар бирига 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилган. Бу ҳақда АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Жалол Арашов маълум қилди.
Хабар берилишича, 52,5 гектар ер майдонида 2640 хонадонли 66 та кўп қаватли турар жой биноларини қуриш ишлари бошланди.
Сирдарё вилоят ҳокимлиги, «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси ва пудратчилар ўртасида тузилган шартнома асосида 200 миллиард сўм маблағ молиялаштирилди. Шундан Сардоба тумани учун 112,1 миллиард сўм, Мирзаобод тумани «Ҳақиқат» маҳалласи учун 60,6 миллиард сўм, Мирзаобод тумани «Навбаҳор» маҳалласи учун 27,3 миллиард сўм ажратилди.
Мавзуга доир: Сардоба тошқини оқибатлари ва уларни бартараф этишга давлат бюджетидан қанча маблағ ажратилиши маълум қилинди
Эслатиб ўтамиз, 1 май куни соат 05:55 да Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори тўғонининг 6-пикет деворида сув чиқиши юзага келганди. Сув тошқини оқибатида 4435 та хонадон талафот кўрган. Улардан 2390 таси яроқсиз ҳолга келган, 2045 таси эса таъмирталаб ҳолатда. Бош прокуратура Сардоба фалокати юзасидан жиноят иши бўйича 4 та тергов версиясини кўриб чиқмоқда. Ҳозирда сув омбори иши бўйича икки киши қамоққа олинган. Сардоба тумани «Дўстлик» маҳалласида 37 та 1480 хонадонли; Мирзаобод тумани «Ҳақиқат» маҳалласида 20 та 800 хонадонли ва «Навбаҳор» маҳалласида 9 та 360 хонадонли кўп қаватли турар жой қурилиш ишлари бошланган.
Изоҳ (0)