Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият шу тариқа мураккаблашиб борса, баъзи вилоят ва шаҳарлар қайта ёпилиши мумкин. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 16 июнь, сешанба куни бўлиб ўтган видеоселекторда маълум қилди.

Давлат раҳбари коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталиб, охирги пайтда мамлакатда бу касалликка чалинганлар сони ошгани, энг ёмони, аҳоли ўртасида ҳам кўплаб рўй бераётганига эътибор қаратди.

Жумладан, Тошкент шаҳрида сўнгги икки ҳафтада касалланган 551 нафар фуқародан 482 нафари айнан аҳоли орасидан аниқланган. 57 ҳолатда вирусни юқтириш манбаси номаълум қолмоқда.

Президентнинг таъкидлашича, Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида вазият мураккаб бўлиб турибди.

Тошкент вилоятида 734 ҳолатдан 79 таси, Навоий вилоятида 108 та ҳолатдан 83 таси, Қашқадарё вилоятида 51 та ҳолатдан 48 тасида вирус аҳоли орасида аниқланган. Шундан Навоийда 25 та, Тошкент вилоятида 22 та, Қашқадарёда 3 та ҳолатда вирус манбаси ҳамон номаълум бўлиб турибди.

Президент буларнинг барчаси коронавирус билан боғлиқ вазият тобора мураккаб тус олаётганини кўрсатиб турганини таъкидлади ва пандемияга қарши курашишда ҳушёрлик ва масъулиятни ўн карра оширадиган янги босқич бошланаётганини айтди.

«Агар вазият шундай давом этса, вилоятлар ва кўп шаҳарларни ёпишга мажбур бўламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, вилоятлар ва Тошкент шаҳар раҳбарлари аҳоли хавфсизлигини таъминлаб, иқтисодиётни қандай тиклаш, одамларни иш билан таъминлаш бўйича таклифлар бериши керак.

«Қанчалик қийин бўлмасин, бу босқичда карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз шарт. Ҳар бир ишимизни эҳтиёткорлик билан, оқибатини пухта ўйлаб, нафақат ўзимиз, балки оиламиз ва фарзандларимиз олдидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб бажаришимиз керак. Акс ҳолда, барча саъй-ҳаракатларимиз йўққа чиқиши ҳеч гап эмас. Ишончим комил, анча билим ва тажриба орттирган, бағрикенг ва матонатли халқимиз бу босқичдан ҳам, албатта, муносиб ўтади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Республика махсус комиссиясига пандемия вақтида ижтимоий тижорат инфратузилмалари фаолиятини йўлга қўйишда карантин қоидаларини таъминламаган ҳудудлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарларига нисбатан жавобгарликни ошириш чораларини кўриш ва таклиф бериш бўйича топшириқ берди. «Керак бўлса, раҳбарларни ҳам ишдан олишга мажбур бўламиз, чунки бу одамларнинг хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ», — деди давлат раҳбари.

Маълумот учун, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони 15 июнь куни 29 тани, 14 июнь куни 27 тани, 13 июнь куни 5 тани, 12 июнь куни 26 тани ташкил қилди. Ўзбекистонда пандемия бошидан буён касаллик аниқланиши бўйича энг юқори кунлик кўрсаткич 7 июнь куни қайд этилди, шу куни 237 кишида касаллик аниқланди.