16 июнь куни Шимолий Корея ҳарбийлари Кэсон шаҳрида жойлашган Кореялараро алоқа офисини портлатиб юборди. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги хабар берди.

Фото: Yonhap

Жанубий Корея ҳукумати КХДР томони икки мамлакат ўртасида юзага келган кескинлик фонида бинони портлатиб юборганини тасдиқлади.

Шимолий Корея Марказий телеграф агентлиги ҳам офис буткул яксон этилгани тўғрисидаги хабарни тасдиқлаган.

Мазкур алоқа офиси КХДР ва Жанубий Корея муносабатлари яхши томонга ўзгариши фонида 2018 йилнинг сентябрида очилган эди.

Аввалроқ КХДР Кесон шаҳридаги Кореялараро алоқа офисига Жанубий Корея вакиллари томонидан амалга оширилган телефон қўнғироқларига жавоб қайтармай қўйгани, 9 июндан бошлаб эса икки мамлакат ўртасидаги мавжуд барча алоқа каналларини тўхтатилгани тўғрисида хабар берилганди. Таъкидланишича, КХДР Сеул билан барча алоқа линияларини Пхенянга қарши юборилган ташвиқот варақалари сабаб блоклаган.

Маълумот учун, Кореялараро алоқа офиси 2018 йилнинг сентябрида чегараолди ҳудуди ҳисобланувчи Кэсонда очилган эди. Унинг фаолияти икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.