UzAuto Motors 2020 йил 15 июндан General Motors билан тузилган келишув доирасида Россияда Chevrolet русумли оммавий автомобиль сегменти сотувини бошлади. Бу ҳақда компания томонидан маълум қилинди.
Хабар берилишича, россиялик харидорларга тақдим этиладиган илк моделлар Chevrolet Spark, Nexia ва Cobalt бўлади.
General Motors ва UzAuto Motors томонидан эришилган келишув шартларига кўра, ушбу моделлар Беларусь ва Қозоғистоннинг экспорт бозорларида ҳам сотилмоқда.
Маълум қилинишича, Chevrolet Spark 1,25 литр сиғимли (85 от кучи) двигатель ва автоматик узатма билан жиҳозланган. Модель учта комплектацияда мавжуд: LS АТ, LT АТ ва LTZ АТ. Нархи 719 900 рублдан (тахминан 10 284 доллар — таҳр.) бошланади.
Шунингдек, 1,5 литр (105 от кучи) сиғимли двигателига эга Chevrolet Nexia тўрт комплектацияда тақдим этилган: LS МТ, LT МТ, LT АТ ва LTZ АТ. Нархи 699 900 рублдан (тахминан 9998 доллар — таҳр.) бошланади.
Chevrolet Cobalt 1,5 литр сиғимли ва 106 от кучига эга двигатель билан жиҳозланган бўлиб, тўрт комплектацияда мавжуд: LS МТ, LT МТ, LT АТ ва LTZ АТ. Нархи 749 900 рублдан (тахминан 10 712 доллар — таҳр.) бошланади.
Аввалроқ UzAuto Motors автомобилларини Chevrolet бренди остида экспорт қилишни бошлаши ҳамда Россия ва МДҲ мамлакатларида Ravon бренди остида автомобиллар савдоси 2020 йилнинг ўрталарига келиб тўхташи маълум қилинганди. Май ойининг бошида Chevrolet моделларининг Россия бозорларида сотувга чиқиш муддати кечиктирилгани хабар қилинди.
Изоҳ (0)