Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликдаги ишлар давом этмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева 15 июнь куни ўтказилган брифингда маълум қилди.

Фото: МNews

Унинг билдиришича, мулкларни қайтариш бўйича барча музокаралар ва тадбирлар расмий даражада Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ олиб борилмоқда.

Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган мулкларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг 14 май куни Франциядан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активлар Ўзбекистонга қайтарилганди.

Жумладан, Ўзбекистонга қайтарилган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик даъвоси бўйича Париж шаҳри судининг 2019 йил 29 июндаги қарори ижроси доирасида мусодара қилинган Париж шаҳри Маршал Манури кўчасидаги Тriplex турар жой мажмуасида жойлашган кўчмас мулкни сотишдан келиб тушган.

«Алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур маблағлар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетига ўтказиб берилди ва умумий тартибда ишлатилади. Жумладан, Франциядан қайтарилган маблағлар сарф қилиниши режалаштирилган ижтимоий лойиҳалар ва уларнинг амалга оширилиш жараёни ҳақида шаффоф маълумотлар кенг жамоатчиликка мунтазам ва даврий тақдим қилиб борилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Молия вазирлигининг мутасадди вакилининг чиқишида батафсил тўхталиб ўтилади», — дейди Севара Ўринбоева.

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни 2020 йил 18 март куни ниҳоясига етган бўлиб, у 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Қолган судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, тегишли жазолар тайинланди.

Олдин кўрилган жиноий ишлар, шунингдек, сўнгги жиноий иш доирасида етказилган зарар миқдори 3,8 триллион сўм ва 165 миллион долларни ташкил этган.