Ўзбекистонда 11 июнь куни яна 72 кишида коронавирус аниқлангани, уларнинг 28 нафари Қашқадарёнинг Муборак туманида фаолият кўрсатувчи хорижий корхона ишчилари эканлиги хабар берилган эди. Nasaf News ушбу беморлар ҳақида қўшимча маълумот берди.

Муборак туман Санитария-эпидемиология осойишталик маркази раҳбари Хўжамурод Казаковнинг маълум қилишича, тумандаги хорижий ташкилотнинг COVID-19 вирусига чалинган 28 нафар ходимидан 27 нафари Қозоғистон фуқароси, яна бир нафари туркиялик бўлиб, уларнинг барчаси Enter Engineering компанияси ходимларидир.

Қайд этилишича, Қашқадарё вилояти бўйича коронавирусдан касалланганларнинг сони 40 нафарга етди. Улардан 6 нафари касалликдан тўлиқ соғайган, 34 нафар бемор даволанмоқда. Вафот этганлар йўқ.

Маълумот учун, 12 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 4819 нафарни ташкил қилмоқда. Ҳозиргача 3637 нафар  фуқаро соғайган, 19 нафар бемор эса касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.