«Манчестер Юнайтед» собиқ ҳимоячиси Тони Данн 78 ёшида вафот этди. Бу ҳақида инглиз клуби расмий сайтида хабар берилди. Ҳозирча ўлим сабаби маълум қилинмаган.
Данн «Манчестер Юнайтед» сафида 1960—1973 йилларда тўп сурган. У «қизил иблислар» таркибида 500 дан ортиқ ўйин ўтказиб, шу йиллар мобайнида Англия биринчи дивизиони (1964/1965, 1966/1967 йилги мавсумлар), Англия кубоги (1963) ва Чемпионлар Кубогида (1968) ғолиб бўлган. Шунингдек, Данн «Шелбург», «Болтон» ва «Детройт Экспресс» клубларида ҳам фаолият юритган. Ирландия терма жамоаси сафида эса умумий ҳисобда 33 та ўйин ўтказган.
Маълумот учун, «Манчестер Юнайтед» АПЛнинг 29-туридан кейин 45 очко тўплаган ҳолда 5-ўринни эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, коронавирус пандемияси сабаб тўхтаб қолган Англия чемпионат ўйинлари 17 июнь санасидан қайта давом эттирилади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)