КХДР ҳукумати 9 июнь Тошкент вақти билан соат 09:00 дан бошлаб Жанубий Корея билан мавжуд барча алоқа каналларини тўхтатди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлигига таяниб, Yonhap хабар берди.

Фото: Reuters

«Бу Жанубий Корея билан мавжуд барча алоқаларни тўлиқ йўқ қилиш ва бошқа кераксиз ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги қарорлар рўйхатида биринчи қадам бўлади», — дейилади КХДР баёнотида.

Мазкур баёнотдан сўнг, Пхенян Сеулнинг расмий телефон қўнғироқларига жавоб бермай қўйган. Шимолий Кореяга ҳатто ҳарбий алоқа линиялари орқали ҳам қўнғироқ қилишнинг имкони бўлмаган. Бундан ташқари, икки Корея бирлашган ишлари бўйича вазирлиги ҳам алоқани ўрната олмагани айтилмоқда.

Таъкидланишича, КХДР Сеул билан барча алоқа линияларини Пхенянга қарши юборилган ташвиқот варақалари сабаб блоклаган.

Узоқ йиллар давомида ишламаган алоқа линиялари 2018 йилда қайта тикланган эди. Шундан сўнг, мамлакатлар кунига икки маротаба ўзаро қўнғироқлашиб турган.

Аввалроқ КХДР Кесон шаҳридаги Кореялараро алоқа офисига Жанубий Корея вакиллари томонидан амалга оширилган телефон қўнғироқларига жавоб қайтармай қўйгани ҳақида хабар берилганди.