Навоий вилоятида танишидан 29 миллион 820 минг сўм ва 200 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олиб, пулни қайтаришга келганда унга туҳмат қилган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилган.
2020 йилнинг январь ойида 32 ёшли Н.Х. (аёл) Навоий шаҳрида жойлашган кафеларнинг бирида 40 ёшли Х.И. билан танишиб, унга Россияда вафот этган акасининг мурдасини Навоий вилоятига олиб келиб беришни ваъда қилади ва 2020 йилнинг май ойигача турли баҳоналар билан Х.И. дан жами 29 миллион 820 минг сўм ва 200 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритади.
Н.Х. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2020 йил 16 май куни Навоий шаҳар ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилади. Аризада таниши Х.И. унинг уйига келиб, унга енгил шикаст етказиб, умумий баҳоси 16 миллион 150 минг сўмлик тилла тақинчоқларини талончилик йўли билан қўлга киритганлиги ҳақида маълум қилади. Аёл айбловнинг сунъий далилларини вужудга келтирган ҳолда шахсни оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ўзига ўзи енгил тан жароҳатлари етказади.
Судга оид экспертиза хулосасига кўра, Н.Х.нинг ҳар иккала қўл бармоқларидан олинган тирноқ қирқмаларида ўзининг тери ва қон доғлари мавжудлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давомида Навоий шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаро Н.Х. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» банди (Фирибгарлик), 237-моддаси, 2-қисми «а,б,г» бандлари (Ёлғон кўрсатма бериш), 238-моддаси 3-қисми «б» банди (Ёлғон гувоҳлик бериш) ва 139-моддаси 3-қисми «а,г» бандлари (Туҳмат) билан айблов эълон қилинган.