Фарғона вилоятидаги Expo Kollor Prin Teks пахта-тўқимачилик кластери раҳбари Абдуқаҳҳор Абдувоҳидович Жўрабоев Тошлоқ туманининг янги ҳокими этиб тайинланди. Жўрабоевнинг ушбу лавозимга тайинланиши ҳақида Президент Шавкат Мирзиёев 6 июнь, шанба куни Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида айтиб ўтган.
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев фаолиятида сусткашликка йўл қўйгани учун Тошлоқ тумани ҳокими Шуҳратжон Абдусаломовни вазифасидан озод этиш бўйича кўрсатма бергани маълум қилинган эди. Абдусаломов 2018 йил мартидан бери туманга раҳбарлик қилиб келаётган эди. У билан бирга туман солиқ бошқармаси бошлиғи ҳам ишдан олинган.
Expo Kollor Prin Teks ҳақида
Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига кўра, масъулияти чекланган жамият кўринишидаги Expo Kollor Prin Teks компанияси 2007 йил 18 июнда ташкил этилган. Регистрда кўрсатилган фаолият тури — пахта толаларини тайёрлаш ва йигириш; устав фонди 4,3 миллиард сўм. Компания раҳбари сифатида Абдуқаҳҳор Жўрабоев кўрсатилган.Компаниянинг 95,70 фоиз улуши Абдулазиз Абдувоҳидович Жўрабоевга, 3,60 фоизи Муножатхон Маъмуржоновна Жўрабоевага, 0,70 фоизи Муйдинжон Пўлатович Исмоиловга тегишли.