Лондоннинг «Челси» клуби Германия терма жамоаси ва «Лейпциг» ҳужумчиси Тимо Вернерни ўз сафига қўшиб олишга кўндирди. Бу ҳақда Sky Sports хабар бермоқда.

Фото: Getty Images

Манбанинг хабарига кўра, инглиз клуби Вернерга ҳафтасига 200 минг фунт (тахминан, 222 минг евро) тўлашга тайёр. Футболчи «Челси»нинг таклифини қабул қилишга розилик берган.

Ҳозирда Вернернинг шартномасида унинг нархи 60 миллион евро этиб белгиланган, бироқ 15 июнь куни бу банд ўз кучини йўқотади. Шунда клублар потенциал трансфер нархни муҳокама қилишлари мумкин.

Лондон клуби ҳимоячиси ва Вернернинг терма жамоадаги шериги Антонио Рюдигер ватандошини «кўклар» лагерига келишга кўндиришга ҳаракат қилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, «Ливерпуль» анча вақтдан бери Вернернинг хизматларига жиддий қизиқиш билдираётганди ва бир неча бор музокаралар ҳам ўтказганди. Бироқ немис клубининг юқори талаблари сабаб «Ливерпуль» Вернер трансферидан воз кечганди.

Вернер бу мавсумда Бундеслигада 29 та ўйин ўтказиб, 25 та гол урган. Унинг клуб билан шартномаси 2023 йилгача мўлжалланган.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!