Андижондаги Uz Dong Yang Co МЧЖ шаклидаги қўшма корхона омбори мудири ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб, «Xabar.uz» хабар берди.

Фото: «Uzdy.uz»

Таъкидланишича, 29 май куни соат 16:30 да Булоқбоши туманида истиқомат қилган 34 ёшли И.Х. яшаш уйининг айвонида осилган ҳолда топилган. Мурда эксперт иштирокида кўздан кечирилганда бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан қисилиши натижасида юзага келган механик асфиксия, бўйин соҳасида бир изли типик странгуляцион эгат, ички аъзоларини тўлақонлиги, ўпка ва юрак эпикардларида нуқтасимон кардио доғлар аниқланган.

Қайд этилишича, Бош прокуратура масъули И.Х. қўшма корхонада прокуратура текшируви бошлагани ортидан ўз жонига қасд қилганига оид гапларни инкор этган. Унга кўра, Uz Dong Yang Co қўшма корхонасида 2018—2019 йиллар давомида хом ашё ва материалларини сақланиши, тарқатилиши ва бутлиги юзасидан текшириш ўтказилганлиги рост. Текширувлар бир ёки икки ой аввал эмас, ўтган 2019 йилнинг бошида ўтказилган. Ўшанда И.Х. моддий жавобгарлигида бўлган 168 миллион сўмлик хом ашё ва материалларида камомад аниқланган (марҳум 2013 йилдан бери омбор мудири бўлиб ишлаб келган) ва ўз вақтида (И.Х. томонидан) бартараф этилган.

Маълумотларга кўра, қўшма корхонадаги айни кунлардаги текширув ички аудит ходимлари томонидан амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, 21 май куни Uz Dong Yang Co МЧЖ шаклидаги қўшма корхона раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчисининг 50-сонли буйруғи чиқарилган бўлиб, унга асосан И.Х. жавобгарлигидаги товар моддий бойликларини бошқалар зиммасига юклаш ҳамда 20 май ҳолатигача тафтиш ўтказиш учун ишчи гуруҳ тузилган. Шунингдек, мазкур буйруқ билан инвентаризациядан ўтказиш учун текшириш бошланган.

Терговга қадар текшириш ҳаракатлари давомида И.Х. корхонада ички аудит ва инвентаризация бошлангани сабабли бир неча кун ишга келмай қўйганлиги аниқланган. Айни пайтда ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.

Аввалроқ Андижон вилоятида боғча мудираси ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилганди.