Хитойда сўнгги суткада коронавирус билан касалланиш бўйича 1 та ва касаллик белгисиз ўтаётган 4 та ҳолат қайд этилди. Беморларнинг 1 нафари соғайди, вафот этиш ҳолатлари қайд этилмади, деб хабар бермоқда «РИА Новости» Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссиясига таяниб.

Фото: Reuters

Мамлакатда умумий ҳисобда 83 021 киши (бир кун аввал 83 022 кўрсатилган эди) коронавирусга чалинган. Беморларнинг 78 314 нафари (бир кун аввал 78 315 кўрсатилган эди) соғайган, 4634 нафари вафот этган. Касалхоналарда 73 нафар бемор қолмоқда.

Комиссия рақамлардаги бундай ўзгаришларни статистик маълумотлар аниқлаштирилиши билан изоҳлаган.

Шунингдек, сутка давомида 4 киши инфекцияни белгисиз ташувчи сифатида қайд этилган. Шундай кишиларнинг яна 357 нафари шифокорлар назоратида бўлиб турибди.

Жанубий Кореяда эса сутка давомида 46 киши коронавирусга чалингани қайд этилиб, касалланганларнинг умумий сони 11 590 нафарга етди, деб хабар бермоқда «РИА Новости» мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази (KCDC) маълумотларига таяниб.

Сўнгги кунларда Жанубий Кореяда кунлик касалланишлар сони 30-80 кишини ташкил қилмоқда. Эпидемия бошланганидан буён кунлик касалланишлар сони 10-20 тагача камайган. Янги касалланиш ўчоқларининг пайдо бўлиши касалланишлар сони яна ортишига сабаб бўлмоқда.

Сеулнинг одам гавжум бўлган Итхэвон ҳудудидаги клуб ва барларда касаллик юқтирганлар сони камида 270 нафарга етди. Коронавирусга чалинишнинг олдини олиш бўйича чораларга етарлича амал қилмаган Пучон шаҳридаги Coupang компанияси омборхонасида эса камида 117 киши вирусни юқтириб олган. Яна 45 киши кичик диний йиғилиш ўтказиш пайтида вирус юқтириб олган.

Мамлакатда сўнгги суткада 21 киши коронавирусдан соғайиб чиқиб, тузалганларнинг умумий сони 10 467 кишига етди. Касалликдан яна бир киши вафот этиб, вирус қурбонлари сони 273 кишини ташкил қилмоқда.