Наманган вилоятида коронавирус инфекциясига чалинган 4 нафар бемор бугун реабилитацияга кузатилади. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Фото: Раҳмонжон Мамадалиев

Тузалганларнинг 3 нафари Наманган шаҳридан бўлиб, 2 нафари аёл ва бир нафари 13 ёшли ўғил бола.

Шундай қилиб, Наманган шаҳрида коронавирус билан касалланганларнинг барчаси соғайди. Беморларнинг жами сони 155 киши бўлиб, улардан 4 нафари вафот этган. Наманган бу кўрсаткич бўйича мамлакатда Тошкент шаҳридан (7 нафар) кейинги иккинчи ўринда турибди. Ўзбекистонда ушбу хасталикка чалинган илк бемор ҳаётдан кўз юмиши билан боғлиқ илк ҳолат ҳам Наманган шаҳрида қайд этилганди.

Маълумот учун, Наманган вилоятида коронавирусга чалинган 260 нафар фуқародан 251 нафари (97 фоиз) тузалди. Ҳозирда вилоят юқумли касалликлари шифохонасида 5 нафар бемор даволанмоқда. Карантин муассасаларида 610 нафар, уй карантинида 2912 нафар киши сақланмоқда.