ФИФА ва УЕФА ташкилотлари афро-америкалик Жорж Флойднинг ўлими сабаб Бундеслига футболчилари амалга оширган акцияларга ўз муносабатини билдирди.

Фото: Twitter

«ФИФА шу кунга қадар ирқчилик ва ҳар қандай камситишга қарши курашиб келган ва яқинда шу каби вазиятларни илдизи билан йўқ қилиш учун тартиб-интизом қоидаларини қатъийлаштирди. ФИФА ўз таснифидаги мусобақаларда доим ирқчиликка қарши қаратилган акцияларни ташкил қилиб келади.

IFAB белгилаб берган қоидаларни ўйинда қўллаш ҳар бир мусобақа ташкилотчисининг вазифаси ҳисобланади», — дейилари ФИФА баёнотида.

Бу борада ФИФА президенти Жанни Инфантино ҳам ўз муносабатини билдирди.

«Шубҳаларни аритиш учун шуни айтишим керак, яқинда Бундеслига ўйинларида футболчилар томонидан амалга оширилган ҳаракатлар олқишга лойиқ, жазога эмас.

Биз барчамиз ирқчилик ва истлаган камситишга йўқ дейишимиз керак. Зўравонликка йўқ дейиш лозим. Исталган турдаги зўравонликка», — дейди Инфантино.

Шунингдек, УЕФА ҳам мазкур акцияни қўллаб-қувватлади.

«Ирқчиликка йўқ деймиз. Биргаликда кучлироқмиз», — дейилари ташкилот Twitter’ида. Шунингдек, мазкур постга қуйидаги ҳештеглар ҳам қўйилди: #BlackLivesMatter (қоралар ҳаёти маънога эга), #BlackoutTuesday (қора сешанба) ва #JusticеForGeorgeFloyd (Жорж Флойд учун адолат).

Бундеслига 29-турида Жейдон Санчо, Ашраф Ҳакими (иккиси — «Боруссия Д»), Маркус Тюрам («Боруссия М») ва Уэстон Маккенни («Шальке-04») ўзига хос йўллар билан Жорж Флойднинг ўлимига муносабат билдирган. Мазкур акциялар юзасидан Бундеслига тартиб-интизом иши қўзғаган.

Эслатиб ўтамиз, Миннеаполис шаҳри полицияси вакили 25 май куни 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойдни қўлга олиш чоғида уни тутиб, ерга ётқизган ва тиззаси билан бўйнини босган. Полициячи Дерек Шовин уни шу тариқа узоқ вақт ушлаб туриши Жорж Флойднинг ўлимига сабаб бўлган. Ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, АҚШнинг турли ҳудудларида норозилик намойишлари бошланган. АҚШнинг 25 та шаҳрида оммавий норозиликлар сабаб комендантлик соати эълон қилинди. Дональд Трамп Оқ уй қаршисида содир бўлган норозилик намойиши вақтида ерости бункерига беркингани маълум бўлди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!