Испаниялик афсонавий теннисчи, дунёнинг айни дамдаги иккинчи рақамли ракеткачиси Рафаэль Надаль 3 июнь санасида 34 ёшни қарши олди.

Спортчи кўплаб жароҳатларига қарамай ўз даврининг энг яхшиларидан бири ҳисобланади. Унинг ҳисобида «Улкан тож» таснифига кирувчи 19 та соврин бор. Шунингдек, Надаль Ролан Гаррос мусобақасида 12 марта ғолибликни қўлга киритган ва бу рекорд натижа ҳисобланади.

Фото: Getty Images

Рафаэль қумли кортлардаги муваффақиятли ҳаракатлари билан машҳур. У 59 марта қумли кортларда ўтган мусобақаларда ғолиб бўлган.

Эътиборингизга Надалнинг энг сара иқтибослари ва фикрларини ҳавола этамиз.

Теннисга кириб келиши борасида

«Менга жамоада ўйнаш ёқарди, Тони амакимнинг айтишича, аввалига теннисни зерикарли деб билганман. Бироқ гуруҳда шуғулланганим кейинчалик асқатган. Агар ўшанда кортда фақат мен ва амаким бўлганида, бўғилиб кетардим. Фақат 13 ёшимга келиб, теннис келажагим эканини тушунганман. Кейин у мени шуғуллантиришни бошлаган».

Она юрти ҳақида

«Ўз юртим, Манакорга (Мальорка, Испания) келсам бор вақтимни оилам ва яқинларим билан ўтказаман. Бу ерда ҳеч ким менга эътибор қаратмайди, мен оддий йигитман ва бу мен учун жуда муҳим».

Фаолиятини қачон якунлаши борасида

«Мен теннис ҳақида яхши гаплар айтаман, чунки бунинг эвазига орзу ҳам қилмаган нарсаларга эришдим. Бироқ фаолиятимни танамнинг барча жойларида оғриқ билан якунламоқчи эмасман. Балки Федерер фаолиятини якунлаганда барра бодринг каби бўлар, чунки унда ўзига хос организм бор. На Маррей, на Жокович ва на мен теннисни «бодринг» бўлиб якунлай оламиз».

Ҳард майдонлар ҳақида

«Ҳард (сунъий қопламали майдон) жуда зарарли. Агар келажак авлод кўпроқ ўйнашни хоҳласа ва фаолиятини юқори жисмоний ҳолатда якунлашни истаса, бу кортларда камроқ ўйнаши керак. Менимча, АТП йўл топиши керак ва бундай кортларда мусобақалар ташкил қилишни камайтириши лозим. У тизза, тўпиқ, товон, бел ва барча тана аъзолари учун зарар».

Ўйин олди қўрқуви ҳақида

«Мен кўп нарсадан қўрқаман. Масалан, қопоғон итдан. Балки кортда жасурдек кўринарман, бироқ аслини олганда қўрқувда бўламан. Ўйинлар олдидан асабийлашмайдиган ўйинчининг ўзи йўқ. Айниқса муҳим ўйинлар олдидан».

Фото: Getty Images

Келажаги борасида

«Менга спорт ёқади ва теннисдан сўнг спортга оид бирорта соҳада ишламоқчиман. Бунга ишончим комил, чунки спортни яхши кўраман. Бу теннис бўлмаса ҳам, аниқ спортга оид бўлади. Албатта, Мальоркада вақт ўтказиш ва дам олиш ёқади. Бироқ менга ҳаракат керак, бирор нима билан шуғулланишим лозим, мотивациям бўлиши керак. Менга диванга ётволиб, телевизор кўриш ёқмайди».

Жароҳатлар ҳақида

«Менда жиддий жароҳатлар бўлган ва улардан сўнг янада кучлироқ бўлиб қайтганман».

Допинг ёки теннисдан кетиш?

«Мен учун спорт — ҳаёт фалсафаси. Допинг истеъмол қилиш ёки фирибгарликка қўл уришдан кўра фаолиятимни якунлаб қўя қолишни афзал кўраман».

Фото: Getty Images

Фаолиятидаги энг яхши ўйин

«Уимблдон—2008 финалида Рожер Федерерга қарши баҳс — фаолиятимдаги энг муҳим учрашув. Бошқа ҳеч қайси баҳс бунинг яқинига ҳам йўлай олмайди».

Федерер ҳақида

«Рожернинг кўрсаткичлари меникидан юқори — бу ҳақиқат. Бошқа ҳеч ким у каби кўп «Улкан тож»га эга чиқмаган ёки рейтинг етакчилигини сақлаб турмаган. Бу рақамлар унинг тарихдаги энг яхши теннисчи эканини англатиб туради. Рақамлар айнан шунинг учун керак».

Фото: Getty Images

Рейтинги паст рақиблар ҳақида

«Албатта, ҳар бир рақибни ҳурмат қилиш керак ва унинг ғалаба қозониш имкониятини кўриб чиқиш лозим. Рейтингнинг 500-рақамли ракеткачиси билан ҳам бир ёки иккинчи ўриндаги теннисчи билан баҳс юритгандек ўйнаш керак».

Балиқ овидаги балиқ ва кортдаги рақибнинг фарқи ҳақида

«Балиқни кўрмайман, рақибни эса — кўраман». Бу «принципиал рақобат» деганларига умуман тушунмайман. Биз бир турдамиз ва ҳамкасбмиз. Бизнинг иш — бир биримизга қарши ўйнаш ва буни бор кучимиз билан адо этиш».

Рақобат ҳақида

«Бизнинг давримизда ҳамма жабҳада ғолиб бўлиш жуда қийин. Гап фақат мен ҳақимда эмас. Мен шунчаки ўйинчилардан бириман. Барча мусобақаларда фақат энг яхшилар билан тўқнаш келишга тўғри келади. Ҳеч қайси финалда тасодифан келиб қолган рақиб бўлмайди».

Мотивация ҳақида

«Бундай рақиблар борлиги, менинг омадим. Бу янада ривожланиш учун мотивация беради. Кучинга куч қўшиб бормасанг, у ҳолда сен мурдасан — теннис оламидаги рақобат шунақа».

Фото: Getty Images

Камтарлик

«Ҳа, мен мусобақанинг биринчи рақамли ракеткачисиман, бироқ биринчи рақамли теннисчи ҳар доим ҳам ютавермайди».

Ғалабалар ҳақида

«Бу спорт — бу ерда ютиш ва ютқазиш мумкин. Бироқ ютқазганлар тарихда қолмайди. Одамлар фақат ғалабаларни ёдда сақлаб қолади».

Асосий рақиб ҳақида

«Мағлубият — рақиб эмас. Мағлубиятдан қўрқиш — бу менинг асосий рақибим».

Мағлубият ҳақида

«Мен ютқаздим — бу фожиа эмас. Бу шунчаки теннис учрашуви. Ҳаётда теннисдан бошқа нарсалар ҳам бор. Уларнинг баъзилари теннисдан ҳам мумкин».

Теннис ҳақида

«Теннис — бу спектакл, бироқ ўйинчилар учун якуний натижа муҳим».

Фото: Getty Images

Нодирхон Ҳамидхонов тайёрлади