Instagram ижтимоий тармоғига эгалик қилувчи Facebook компанияси ирқчиликка қарши курашиш учун 10 миллион доллар хайрия қилади. Бу ҳақда ижтимоий тармоқнинг расмий аккаунтида маълум қилинди.

Фото: Unsplash

Маблағлар хайрия ёки ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари орқали ажратиладими, бунга ойдинлик киритилмаган.

Шунингдек, Instagram ирқий камситилишларга қарши курашиш учун #ShareBlackStories ташаббусини илгари суради. Бу қора танли аҳолини ўз тарихи билан бўлишишга чақиради. Мазкур ташаббус биринчи бор 2019 йилнинг февралида АҚШда афроамерикаликлар тарихи ойлиги доирасида ишга туширилганди. Ҳозирда Жорж Флойднинг ўлими сабаб юзага келган вазият фонида уни қайта йўлга қўйишга қарор қилинган.

«Биз қора танлилар ҳамжамиятини ҳамда Жорж Флойд, Бреонна Тэйлор, Аҳмауд Арбери ва номлари ҳеч қачон унутилмайдиган бошқа кўплаб инсонлар шарафига адолат ўрнатишни истайдиганларни қўллаб-қувватлашни хоҳлаймиз», — дейилади хабарда. Мурожаатда исмлари санаб ўтилган инсонлар ҳалок бўлган афроамерикаликлар бўлиб, уларнинг ўлими юзасидан айбдорларга нисбатан адолатли ҳукм чиқарилмаган.