Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этганлар сони 15 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.

1957 йилда туғилган тошкентлик Х. исмли аёлда 30 май куни коронавирус инфекцияси аниқланган, у Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ётқизилган эди.

«Реанимацион муолажаларга қарамай, сунъий нафас олдириш аппаратида бўлган бемор бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши, ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этди», — дейилади ССВ ахборотида.

Қўшимча қилишларича, 63 ёшли бу аёл 2020 йил январида бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) ташхиси билан даволанган. ССВ ахборотида аёл коронавирусни кимдан юқтириб олгани маълум қилинмаган.

Аввалроқ 31 май куни тонгда Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасида даволанаётган уч нафар беморда ўткир нафас етишмовчилиги кузатилгани учун улар реанимацияга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, бунгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида 14 киши вафот этган эди. 31 май соат 17:00 ҳолатига кўра жами 3583 киши касалланган бўлиб, уларнинг 2837 нафари соғайиб улгурган.