Ford автоконцерни Police Interceptor Utility полиция йўлтанламасларига янги функция — ўз-ўзини дезинфекция қилиш режимини татбиқ этди, деб ёзади «Korrespondent.net».

Фото: «Detroitnews.com»

Эндиликда автомобилда Цельсий шкаласи бўйича 56 даража иситиш фаоллаштирилганидан кейин салон дезинфекция қилинади. Янги функция ҳамма вируслар, жумладан, COVID-19’ни ҳам ўлдиради.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига мўлжалланган ушбу автомобиль салонига ҳеч қандай қўшимча қурилмалар ўрнатиш керак эмас. Компания мутахассисларининг қайд этишича, шунчаки 2013—2019 йилларда ишлаб чиқарилган автомобилларда дастурий таъминотни янгилаш керак бўлади.

Тизим фаоллаштирилиши билан ҳайдовчидан салонни тарк этиш талаб қилинади. Ўз-ўзини дезинфекция қилиш амалга оширилганидан сўнг эса автоматик равишда салонни совитиш учун кондиционер ишлай бошлайди.

Компания вакилларининг айтишича, ушбу тизим машина салонидаги 99 фоиз вирусларни ўлдиради.

Полициячилар ўз машиналарида турли тоифадаги инсонлар, шу жумладан, коронавирус симптомлари кузатилаётганларни ҳам олиб юради.

Ford муҳандислари ушбу тизимни ишлаб чиқаришда олимларнинг автомобиль ичидаги юқори ҳарорат хавфли микроорганизмларни ўлдириши ҳақидаги тадқиқотларига таяниб иш тутган.