Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ПФЛ) бош директори Даврон Шоқурбонов ўз аризасига биноан эгаллаб турган лавозимини тарк этди. Бу ҳақида «Дарё» манбаси хабар қилмоқда.

Фото: ЎФА

Шоқурбонов 2019 йилнинг июнь ойида Омон Ғофуров ўрнига ПФЛ бош директори вазифасини вақтинчалик бажарувчи этиб тайинланганди. 48 ёшли Шоқурбонов Тошкентнинг «Бунёдкор» клубида техник ва спорт директори лавозимларда фаолият кўрсатиб келган. Унгача эса у профессионал ҳакам сифатида фаолият олиб борган.

Ҳозирда ташкилот раҳбарлигига икки нафар номзод кўриб чиқилмоқда. Улардан бири ПФЛ директори биринчи ўринбосари Диёр Имомхўжаев. Яна бири Ўзбекистон терма жамоаси собиқ ярим ҳимоячиси, ҳозирда Ўзбекистон футбол ассоциацияда терма жамоалар бўлим бошлиғи сифатида фаолият юритаётган — Азиз Ҳайдаров.

Профессионал футбол лигаси — Ўзбекистонда футбол мусобақаларини ўтказиш билан шуғулланади. ПФЛ 2008 йилдан ташкил этилган. 2009 йилдан ўз фаолиятини бошлаган. Суперлига, Про-Лига, Ўзбекистон Кубоги ва Лига Кубоги каби йирик мусобақаларни ўтказиш мазкур ташкилот тасарруфига киради. Ташкилотни 2009 йилдан 2017 йилгача собиқ футболчи Фарҳод Магомедов бошқарган. Омон Ғофуров эса икки йил давомида ПФЛга раҳбарлик қилган.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!