Ўзбекистон коронавирусга қарши курашда Қирғизистонни қўллаб-қувватлаш учун мазкур қўшни давлатга инсонпарварлик ёрдамининг иккинчи партиясини жўнатди. Қиймати 248 минг долларни ташкил қилган инсонпарварлик ёрдами таркибига тиббий каравотлар ва шахсий ҳимоя воситалари кирган. Бу ҳақда Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 20 май куни Ўш шаҳрида Ўзбекистон томонидан коронавирусга қарши курашда ёрдам сифатида жўнатилган инсонпарварлик ёрдамининг иккинчи партиясини топшириш маросими бўлиб ўтган.
Ўзбекистон томонидан мазкур юк таркибида қўшни мамлакатга 440 дона тиббий каравот, 1000 дона электрон пирометр, 2500 дона ҳимоя комбинезони, 150 минг дона тиббий қўлқоп ҳамда 150 минг дона тиббий ниқоб жўнатилган. Ёрдамнинг умумий қиймати 248 минг долларни ташкил қилган.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойининг бошида Ўзбекистон Қирғизистонга коронавирусга қарши кураш учун минг тонна ун, турли озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда фойдаланиладиган бир марталик ҳимоя комбинезони, респиратор, қўлқоп, ҳимоя кўзойнаги, пирометр ҳамда тест-системалардан иборат инсонпарварлик ёрдами жўнатганди.
Қирғизистон ҳукумати эса Сардобадаги фалокат оқибатида жабрланган аҳолига инсонпарварлик ёрдами юборганди.
Изоҳ (0)