Россиянинг Самара вилоятида Ўзбекистонга қайтиш учун чегараларнинг очилишини кутаётган ўзбекистонликлар орасида коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида улар учун лагер-обсерватор ташкиллаштирилди. Бу ҳақда вилоят маъмуриятига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: Sputnik

«Вилоят маъмурияти ушбу фуқароларнинг ўзини изоляциялаши масаласини ҳал қилиш ва коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида воқеа жойида лагер-обсерватор ташкиллаштиришига тўғри келди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон фуқаролари чегаралар очилгани ҳақидаги нотўғри маълумотларга таяниб, чегараолди ҳудудига келган.

Аввалроқ Россиянинг Самара вилоятида Қозоғистон чегарасидан бир неча ўн километр масофада бўлиб турган тахминан 800 нафар Ўзбекистон фуқароси Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллагани ҳақида хабар берилганди. Ушбу фуқаролар Ўзбекистонга қайтиш учун Қозоғистон ҳудуди орқали йўлак яратишни талаб қилмоқда. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мавжуд вазият тўғрисида маълумотни ҳар томонлама кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссиясига юборганини билдириб, тегишли қарор қабул қилингунига қадар чегара яқинидаги фуқаролардан тинчлик сақлашни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, 7 май кунги видеоселекторда Президент Шавкат Мирзиёев хориждаги ватандошлар «имкониятга қараб, барибир олиб келиниши керак»лигини айтган эди.