Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг фармойиш лойиҳасида Қурилиш вазирлигининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Toyota Land Cruiser 200 русумли автомашина харидини истисно тариқасида танловларсиз амалга ошириш вазифасига эътироз билдирди.
Ўзбекистон Молия вазирлигига 7 май, пайшанба куни Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши лойиҳаси келишиш учун келиб тушган.
Мазкур фармойиш лойиҳасида Қурилиш вазирлигининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Toyota Land Cruiser 200 русумли автомашина харидини истисно тариқасида танловларсиз, тўғридан-тўғри шартнома асосида амалга ошириш вазифаси юклатилмоқда.
Таъкидланишича, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг мақсади давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонуннинг 4—12-моддаларида давлат харидларининг асосий принциплари белгиланган бўлиб, мазкур принциплар давлат харидлари жараёнининг барча босқичларида қўлланилиши керак.
Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 13 августдаги ПФ-5780-сонли фармонининг 27-бандида вазирлик ва идоралар, шунингдек, хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат харидларини амалга оширишда истисно тарзида тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш тақиқланган.
«Фармойиш лойиҳасида тўғридан-тўғри шартнома асосида давлат харидини амалга ошириш бўйича киритилган норма давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига зид бўлганлиги сабабли, шунингдек, давлат харидларининг очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик, молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги каби принципларга таянган ҳолда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ушбу нормани чиқариб ташлаш бўйича Молия вазирлигининг таклифи билдирилди», — дейилади хабарда.
Маълумот учун, Toyota компаниясининг Ўзбекистондаги дилери сайтида кўрсатилишича, Land Cruiser 200 русумли йўлтанламас автомобиль нархи қарийб 1,5 миллиард сўмни ташкил этади.
Изоҳ (0)