«Тоттенҳэм» ярим ҳимоячиси Деле Алли 12 май куни ўз уйида босқинчи ўғрилар ҳужумига учради.
The Sun нашрининг хабар қилишича, маҳаллий вақт билан 00:30 да пичоқ билан қуролланган кишилар футболчининг уйига бостириб кирган. Талончилик пайтида Алли қайлиғи Руби Мэй ва олти нафар шериги билан бильярд ўйнаётган бўлган. Спортчининг юзига зарба берилган, унинг дўстларидан бири ҳам калтак еган.
Ўғрилар футболчининг Richard Mille ва Audemar Piguet брендига тегишли қимматбаҳо соатлари, шунингдек, Мейга тегишли тақинчоқларни олиб кетган. Жиноятчилар жами 2 миллион фунтлик қимматбаҳо буюмларни ўмарган.
Полиция маълумотига кўра, гумонланувчилар ҳали қўлга тушмаган. Терговчилар фикрича, ҳужум олдиндан режалаштирилган бўлиши мумкин.
Алли 2015 йилнинг февралида «МК Донс» клубидан 6,63 миллион евро эвазига «Тоттенҳэм» сафига ўтган. Жорий мавсум футболчи Англия чемпионатида 22 ўйин ўтказиб, 8 гол ва тўртта самарали узатма муаллифига айланди. Унинг «шпорлар» билан амалдаги келишуви 2024 йилга қадар мўлжалланган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)