Россиянинг Самара вилоятидан чиқиш ва Оренбург вилоятига киришда — «Маштаково» назорат-ўтказиш пункти яқинида бир неча юз нафар Ўзбекистон фуқаролари тўпланиши кузатилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонасига таяниб, ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: YouTube

Аввалроқ Россиянинг Самара вилоятида Қозоғистон чегарасидан бир неча ўн километр масофада бўлиб турган тахминан 800 нафар Ўзбекистон фуқароси Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллагани ҳақида хабар берилганди.

Таъкидланишича, ушбу фуқаролар Россиянинг турли минтақаларидан автотранспорт воситаларида келмоқда ва Ўзбекистонга қайтиш учун Қозоғистон ҳудуди орқали йўлак яратишни талаб қиляпти.

Бош консулхона Ўзбекистон фуқаролари ва маҳаллий ҳокимият билан алоқа ўрнатган.

«Бундан ташқари, ТИВ оператив штаби Россия—Қозоғистон чегарасидаги мавжуд вазият тўғрисида маълумотни ҳар томонлама кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссиясига юборди. Юқоридагиларни инобатга олиб, Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти фуқароларни Республика махсус комиссияси томонидан тегишли қарор қабул қилгунига қадар тинчликни сақлаш, ўрнатилган карантин қоидаларига риоя қилишга чақиради», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 7 май кунги видеоселекторда Президент Шавкат Мирзиёев хориждаги ватандошлар «имкониятга қараб, барибир олиб келиниши керак»лигини айтган эди. Uzbekistan Airways авиакомпанияси 30 июнгача бўлган муддатдаги парвозлар учун чипта сотишни тўхтатган. Ташқи ишлар вазирлиги чартер рейсларни ташкил этиш масаласини Махсус комиссия ҳал этишини билдирган.