Хабарлар тўлқини остида янги ойнинг биринчи ҳафтаси ҳам ўтди. Бош мавзуларимиз яна Сардоба аварияси атрофидаги гаплар, коронавирус ташвишлари ва 9 май таассуротлари.

Келиб чиқиши техноген бўлган Сардоба авариясини текширишга ундовлар янада кўпайиб кетди. Аввал хабар берганимиздек, масъуллар «табиий офат» дея ҳалокатни шамол ва ёмғирга тўнкашга урингани беҳуда экани сезилиб қолди. Таҳлилий мақолалар орасида журналист Шуҳрат Шокиржоновнинг «Сардоба фожиаси: ‘Аср ўпирилиши’ айбдорлари сувдан қуруқ чиқа олмаслиги шарт» мақоласида «Ўзи нега сув омбори қурилиши ‘Ўзбекистон темир йўллари’ АЖга берилгани ҳам жуда катта савол бўлиб турибди.

Бош вазир Абдулла Арипов Қозоғистонда.

Фото: Қозоғистон бош вазири матбуот хизмати

Темир йўлчилар шунчалик уста қурувчилармидики, Ўзбекистондаги темир йўлга тегишли бўлган ва тегишли бўлмаган барча ‘ёғли’ жойлар уларга насиб этаверса?!», деб савол қўйилади ва Қамчиқ довонидаги темир йўлда кўчки ва ўпирилиш содир бўлгани,Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўли ҳар йили тупроқ ва селдан ўпирилиши, Юнусобод метро линиясида тупроқ ўпирилиб 6 қурувчи ҳалок бўлгани тилга олинади. Бу «носоз иншоотлар»нинг ҳаммасини «Ўзбекистон темир йўллари» қурганига аҳамият қаратилади ҳамда Сардоба аварияси айбдорлари қутулиб кетмаслиги шартлигига урғу берилади.

Telegram’даги @davletovuz канали эса «Сифатсиз қурилишларга масъул раҳбарларнинг истеъфога чиқарилиши шу кунларда жуда ўринли бўлар эди», деб ёзди. «Кураш одатда майда порахўрлар, айниқса, пора берганларга қарши танлов асосидаги кампания бўлиб қоляпти. Жиноят кодексидаги коррупция учун жавобгарлик ўша-ўша ҳолича қоляпти. Статистик маълумотларга кўра, 2019 йилда республика судлари томонидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан 191 шахсга нисбатан 145 та иш, 211-моддаси (пора бериш) билан эса 1 179 шахсга нисбатан 995 та иш кўрилган. Нисбатни қаранг. Манфаатлар тўқнашуви, тендер, давлат харидлари тўлиқ шаффофлаштирилиши керак», деб эътиборни қаратади @davletovuz.

Хўш, Сардобада етган зарар кўлами қанча? Фалокат оқибатида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларининг жами 32 381 гектар майдонлари талофат кўрган. Тошқин 10 та маҳалла, 23 та аҳоли пунктлари ҳудудидаги 4 711 та турар ва 277 та нотурар жой объектлари, 30 718 гектар экин майдонларига зарар етказган. Сардоба туманининг Дўстлик, Қўрғонтепа, Юртдош аҳоли пунктларида жами 743 бош, Оқолтин тумани аҳоли пунктларида жами 551 бош, Мирзаобод туманидаги аҳоли пунктларида жами 1 330 бош нобуд бўлган ҳайвонларнинг жасадлари кўмиш йўли билан зарарсизлантирилган.

Сардоба фалокатига АҚШ 100 минг доллар ажратди. Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов эса Сардоба авариясидан азият чеккан Ўзбекистонга 10 миллион, Қозоғистонга 5 миллион доллар хайрия қилди. Сардоба суви қўшни қозоғистонликларни ҳам безовта қилгани учун анча ҳижолатда қолган эдик. Бироқ «ён қўшни – жон қўшни»ларимиз билан сан-манга бормасдан музокаралар йўли билан муаммо ҳал этилди. Ўзбекистон ўз қутқарувчиларини Қозоғистонга юборди, бош вазир Абдулла Арипов тошқиндан жабрланганларга қуриладиган уйларга пойдевор қўйишда иштирок этди.

* * *

Яшил ҳудуд.

Фото: @huquqiyaxborot

Коронавируснинг саккизинчи ҳафтаси давом этяпти, мамлакат вирус билан яшашга кўникди. Энди қайноқ янгиликларнинг энг юқорисида «вирусли хабар»лар кўринмай қолди. Шундай бўлса-да, коронавирус диққат марказидан асло йўқолгани йўқ. Ўзбекистонда сўнгги икки ҳафтадаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, ҳудудлар «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилди. 14 кун ичида коронавирусга чалинган шахслар аниқланган ҳудудлар «қизил», коронавирусга чалинган шахслар аниқланмаган, бироқ касалликдан даволанаётганлар бўлган ҳудудлар «сариқ», 14 кун ичида коронавирусга чалинганлар аниқланмаган ва беморларнинг бари даволаниб бўлган ҳудудлар «яшил» тоифага киритилади.

Ўзбекистонда вирус юққанлар сони камайишда давом этмоқда, қўшни Тожикистонда эса касаллик энди тарқала бошлади. Ўзбекистон коронавирусга қарши курашишда ёрдамлашиш учун Тожикистонга 8 нафар вирусолог  юборди. Шунингдек, контейнерлар, 10 та сунъий нафас олиш (ИВЛ) аппаратлари ва жуда кўп тиббий халатлар, медикаментлар, қўлқоп, респираторлар ҳам жўнатилди.

Эслатиб ўтамиз: 2020 йил 10 май соат 15:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2 411 нафарни ташкил қилмоқда. Мамлакатимизда коронавирус касаллигидан даволаниш кўрсаткичи 79 фоизга этди.

***

Мустақилликдан кейин доимо «Хотира ва қадрлаш куни» деб нишонлаб келинган 9 май бу йили Ғалаба байрами тусини олди. Шавкат Мирзиёев янги бунёд этилган Ғалаба боғига ташриф буюриб, «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуасига гул қўйди ва боғдаги «Шон-шараф» музейини томоша қилди. Бу ёдгорликка Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан айрилган тошкентлик Зулфия ая Зокирова асос қилиб олинган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу куни Тошкентда мушакбозлик уюштирилди. Телевидениеда эса Иккинчи жаҳон урушидаги ўзбек жангчилари ҳамда фронт ортида қолганларнинг матонатини тасвирловчи «Илҳақ» ва «101» фильмлари биринчи марта намойиш қилинди.

* * *

Энди бош вазир Ўзбекистоннинг ўсиш нуқталари ҳисобланадиган IT-технологиялар, кон-металлургия ва нефть-газ соҳалари билан шуғулланади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 7 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилган. «Кўп вазифалар бош вазир ўринбосарлари зиммасига ўтади. Бош вазир мамлакатнинг ўсишини таъминлайдиган йўналишлар билан шуғулланади, чет элларга боради», деган президент. Шунингдек, «Пандемия дунёқарашимни ўзгартирди, бошқаларнинг ҳам дунёқараши ўзгариши керак. Энди эскича услуб билан ишлаб бўлмайди. Вазирларнинг 30 фоиз вақти Тошкентга, 70 фоизи эса вилоятларга ўтиши керак. Шунда халқни ташвишлантираётган муаммоларни ҳис қилади, оддий одамлар билан ишлашни ўрганади», — деб таъкидлаган.

* * *

Бу ҳафта машҳур хонанда Юлдуз Усмонова яна бир марта диққат марказига кўтарилди. Машҳур қўшиқчи Сардоба жабрдийдалари учун уйи олдида ёрдам тўплаган эди. Бироқ маҳсулотларни Сирдарё вилоятига элтишда милициядан кўмак сўраганда улар ёрдамлашмаган.

Шунда Юлдуз видео орқали «Ҳаммаси номард булар. Бунақа номард милиция кўрмаганман. Бугун Мирзо Улуғбек трассасига қарайман, деди келган майор. Битта милиция, битта ‘ГАИ’ беринг дедим, биз эплолмай қолдик. ‘Хоп’ деди, бермади. ‘Участковой’ чиқмади. Тфу сенларга. Падар лаънати бўлдиларинг сизлар бугун. Халқ бирлашди, халқнинг ёнида турмадиларинг. Тфу ‘ГАИъларга, тфу милицияга. Халқ эшицин, милиция клизма олмагунча умуман ишламайди. Ҳозир Каримовни даврида яшамаяпсанлар, ҳар куни клизма олгани. Шунчалик ҳам клизмага ўрганиб қоласанларми? Виждонан ишлашни ҳам ўрганинглар, соат неччи бўлди, ҳалиям ухлаяпсизлар?!» – деган.

Бу айблов интернетда янги машмашани бошлаб берди. Халқ артистини қатор фаоллар, жумладан, Маданият вазирлиги ҳам танқид қилди. Кўп ўтмай Юлдуз Усмонова «Ҳурматли ички ишлар, мудофаа, миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари, улуғ айём кунлари дилингизни оғритган бўлсам ҳаммангиздан узр сўрайман. Ҳаммамизда ҳам айб бор. Мен кўрганим учун гапирдим, Кўрганим, гапирганим учун узр сўрайман», деб узр-маъзур видеосини жойлади.

Тошкент шаҳар ИИББ Юлдуз Усмонованинг ички ишлар ходимларини ҳақоратлагани ҳолати юзасидан суриштирув бошлагани айтилди. Аммо Олий судга кўра, Юлдуз Усмонованинг иши юзасидан материаллар судга келиб тушмаган. Бу аралаш воқеаларни шоу-бизнес мухлислари ҳам, хонтахта экспертлари ҳам бирдай қизғин муҳокама қилди ва вирус мавзусидан бир оз чалғиди.

«Дарё» янгиликларини кузатиб боринг. Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи хабардор бўлинг!