Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати Асалҳонейни уриб, танаси скотчлаб кетилиши юзасидан қўшимча маълумот берди.
Маълум бўлишича талончилар жабрланувчининг уйига кириб олиш учун гул етказиб бериш хизматидан келганликлари, «доставка» қоғозига имзо қўйиш зарурлигини айтган. Аёл эшикни очиши билан уни уриб, ичкарига кирган ва Асалҳонейга таҳдид қилиб, скотч билан боғлаган, унинг 220 АҚШ доллари ҳамда бир миллион сўм миқдоридаги пулларини олган.
Тезкор ҳаракатлар натижасида талончилар воқеа жойида қўлга олинган. Жиноятни 1993 йилда туғилган, муқаддам судланган, Тошкент шаҳрида яшовчи А. ҳамда унинг шериги 1993 йилда туғилган, Тошкентда истиқомат қилувчи Б. билан тил бириктириб амалга оширишга уринган.
А.нинг айтишича у уйдаги яна бир аёлни боғлаб ишни битириб кетишни кўзлаган, шериги эса бу вақтда хонадонни тарк этишга улгурган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) бўйича жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввал интернетда Асалҳоней номи билан танилган Х.М. исмли аёл 5 май оқшомида ўзи яшайдиган уйда бир эркакнинг ҳужумига учрагани, воқеа жойига етиб келган Тошкент шаҳар ИИББ ППХ бригадаси 1-батальон 1-отряди ходимлари талончини ушлагани ва у Тошкент шаҳар Учтепа тумани Пешқадам кўчасида яшовчи А. эканлиги, у муқаддам Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноий жавобгарликка тортилганлиги аниқлангани хабар қилинганди.
Фуқаро Х.М.нинг ўзи ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида юз берган воқеа юзасидан видеохабар қолдирган. Унинг таъкидлашича, гумон қилинувчи ижтимоий тармоқда жабрланувчининг катта миқдордаги пул билан тушган суратларини кўриб, шу пулларга эга бўлиш мақсадида унинг уйига келган ва аёлга ҳужум қилган.
Изоҳ (0)