Ижтимоий тармоқларда Сардобадаги тошқин оқибатида уй-жойидан айрилган, йиғлаётган аёлларнинг ёнида жилмайиб турган бошловчи Даврон Кабулов ва хонанда Юлдуз Турдиева акс этган сурат кенг муҳокама қилинмоқда. Интернет фойдаланувчилари ушбу суратга «Қувонч ва қайғу» деб ном берган.

Фото: Instagram/@davron_kabulov

«Биргина суратда бир олам оғриқ мужассам. Унда Сардобадаги кулфатнинг нақадар кенг кўламлилиги, унинг оддий одамлар, ёш болалар ҳаётига қандай таъсир ўтказганини кўриш, ҳис этиш мумкин», — деб ёзади ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

«Давроннинг ёнида турган боланинг кўзларига қаранг. У беташвиш болаликнинг ширин гаштини сурадиган пайт. Бироқ бу кулфат уни улғайтириб қўйди. Унинг нигоҳларидаги дард буни кўрсатиб турибди. Болага қараб, ичим оғиб кетди», — деб ёзади бошқа интернет фойдаланувчиси.

«Бу санъаткорлар кулиб расмга тушишга ўрганиб қолган. Улар ҳеч қачон оддий инсонлар қайғусини ҳис эта олмайди», — дея фикр билдиради яна бир фойдаланувчи.

Бир неча блогерлар ҳам ушбу суратдаги санъаткорларга нисбатан танқидий фикрлар билдириб, постлар ёзди. Асл вазият ойдинлашганидан сўнг эса танқидий постларнинг айримлари ўчирилди.

Маълум бўлишича, ушбу суратни Даврон Кабулов 5 май, сешанба куни Маданият вазирлиги ҳамда «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг сардобаликларга ёрдам карвони тарқатилган пайтда Instagram’даги саҳифасига жойлаштирган.

«Миллион» кулги жамоси сардори ушбу суратга тушишдан олдин олинган видеони ҳам эълон қилган.

Видеода Даврон Кабуловнинг ушбу синовли кунлар ўтиб кетиши, ҳаммаси яхши бўлишини айтиб, одамларни руҳлантираётганини кўриш мумкин. Унинг сўзларидан таъсирланган сардобалик аёллар йиғлаб юборди. Шу пайтда суҳбатга хонанда Юлдуз Турдиева ҳам қўшилиб, «Улар сизни кўриб йиғлашяпти», деб вазиятни юмшатишга уринади.

5 май куни Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг саховат ва инсонпарварлик карвони таниқли санъаткорлар ҳамроҳлигида Сардобадаги тошқин оқибатида жабрланган фуқароларга етказиб берилди.

Уч кун давомида санъаткорлар ва кўнгиллилар томонидан йиғилган ушбу хайрия кийим-кечаклар, озиқ-овқат маҳсулотлари, болаларга ўйинчоқлар ва бошқа зарур нарсалардан иборат.

Маълумот учун, Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида содир бўлган фавқулодда вазият туфайли Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 24 та маҳалладан 90 мингга яқин фуқаро зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган, ҳодиса оқибатида камида 56 киши турли даражада тан жароҳати олган, тошқин зонасида қолиб кетган юзлаб одамлар қутқарилган, шунингдек, 4 нафар фуқаронинг табиий офат оқибатида ҳалок бўлгани, 1 нафари бедарак йўқолгани аниқланди.

Воқеа юз берган куниёқ Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига етиб борди. У сув тошқини оқибатларини кўздан кечирди, офатдан жабрланган аҳоли билан мулоқотда бўлди, шароит яхшиланмагунича ҳеч бир раҳбар ҳеч қаерга кетмаслигини таъкидлади. Аллақачон қайта тикланиши бошланган тўғонни бир неча бор бориб кўрди, иш жараёни билан танишди.

Тўғоннинг ёрилиши юзасидан жиноят иши қўзғатилган.