Хитойда ўтган бир сутка ичида коронавирус билан касалланиш бўйича атиги 1 та ҳолат аниқланди, 87 нафар бемор тузалди, вафот этганлар қайд этилмади. Бу ҳақда Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссиясига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Янги касалланиш бўйича ягона ҳолат Шанхайда қайд этилган бўлиб, у четдан юқтирилган. Мамлакатда коронавирусни четдан юқтириш бўйича жами 1 676 та ҳолат аниқланган бўлиб, айни пайтда беморларнинг 325 нафари даволанмоқда, 5 нафари оғир аҳволда.
Коронавирус пандемияси бошланганидан буён мамлакатда 83 965 киши вирус юқтириб олган, уларнинг 78 792 нафари соғайган, 4637 нафар бемор вафот этган.
Жанубий Кореяда эса сўнгги сутка ичида коронавирус билан касалланиш бўйича яна 3 та ҳолат аниқланган.Коронавирус пандемияси бошланганидан буён мамлакатда 10 804 киши вирус юқтириб олган, беморларнинг 9 283 нафари соғайган, 254 нафари вафот этган. 30 апрель куни Жанубий Кореяда COVID-19 билан касалланиш бўйича бирорта ҳолат қайд этилмаганди.
Янги касалланиш ҳолатлари камайгани муносабати билан ҳукумат ижтимоий масофаланиш режимини енгиллаштирилган шаклда 5 майгача узайтирган эди. Истироҳат боғлари ва дам олиш масканлари қайта очиладиган бўлди, спорт, диний ва кўнгилочар муассасаларга ўз фаолиятини чекланган ҳолда давом эттиришга рухсат берилади. Шу билан бирга, фуқаролардан ҳали ҳам гавжум жойларга бормаслик, уйдан заруратсиз чиқмаслик ва барча профилактик тадбирларга риоя қилиш талаб қилинмоқда.
Қайд этилишича, 6 майдан бошлаб Жанубий Корея фақат эҳтиёткорлик ва профилактика чораларига риоя қилишни кўзда тутувчи «кундалик ҳаётдаги карантин» режимига ўтгандан кейин янада енгиллик бўлиши кутилмоқда. Мактаб ва жамоат муассасалари кичик тузатишлар билан одатий фаолиятига қайтиши мумкин бўлади.
Коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазиятнинг энг юқори «қизил» даражаси ўз кучида қолади, аммо уни камайтириш масаласи шароит ўзгаришига қараб кўриб чиқилиши мумкин.
Аввалроқ Жанубий Корея коронавирусга қарши курашда ғалаба қозонган кам сонли давлатлар орасидан ўрин олгани ҳақида хабар берилганди.