Business Тoday нашрининг маълумотларига кўра, коронавирус пандемияси Ҳиндистонда автомобиллар савдосининг фалокатли даражада тушиб кетишига олиб келган. Апрель ойида илк бор ноль даража қайд этилди, деб хабар беради Motor.
Ҳиндистон автомобилсозлик саноати тарихида илк бор маҳаллий ишлаб чиқарувчилар мамлакат ичида бирорта енгил машина сотмаган. Апрель ойида жуда кам миқдорда экспорт операциялари қайд этилган, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаларининг савдоси бўйича битимлар тузилган. Маҳаллий бозор етакчиси Maruti Suzuki компанияси 2020 йилнинг март ойида Ҳиндистонда 79 минг автомобиль сотган эди, 4700 машинани эса экспорт қилган. Апрель ойида эса рақамлар мос равишда 0 ва 632 автомобилни ташкил қилди. Бошқа компанияларнинг аҳволи ҳам у қадар яхши эмас: Mahindra & Mahindra компанияси 733 нусха машина экспорт қилган бўлса, 4800 га яқин трактор сотган.
Икки ҳафта олдин Европа автомобилсозлик ассоциацияси март ва 2020 йилнинг биринчи чорагига мўлжалланган ҳисоботни эълон қилганди. Ҳужжатга кўра, апрель ойида пандемия сабаб автомобиль бозори тарихдаги энг ёмон кўрсаткичлардан бирини қайд этган (-55,1 фоиз). Биринчи чоракда янги автомобилларни рўйхатдан ўтказиш 25,6 фоизга қисқарган.
Савдоларнинг энг катта пасайиши Италия (-85,4 фоиз), Франция (-72,2 фоиз) ва Испанияда (-69,3 фоиз) кузатилган. Германияда эса савдолар 37,7 фоизга тушиб кетган.