Афсонавий ҳинд актёри ва режиссёри Раж Капурнинг ўғилларидан бири, Болливуд актёри ва продюсери Риши Капур 67 ёшда вафот этди, деб хабар берди «ТАСС».
Риши Капур саратонга чалинган бўлиб, 2019 йилнинг сентябрида даво муолажаларини олганидан сўнг АҚШдан Ҳиндистонга қайтган эди. Февраль ойида актёрнинг соғлиғи ёмонлашиб, икки марта касалхонага тушган.
Риши Капур 1952 йилнинг 4 сентябрида Мумбай шаҳрида туғилган. У кинодаги илк ролини 1970 йилда, отасининг «Менинг исмим масхарабоз» фильмида ижро этган. 1973 йилда суратга олинган «Бобби» фильми унга шуҳрат олиб келган.
Риши Капур «Қасоскор», «Амар, Акбар, Антони», «Чандни» ҳамда «Жоним фидо» фильмларида такрорланмас образларни яратган.
29 апрель куни Болливуд ва Голливуднинг таниқли актёри Ирфон Хон саратондан вафот этган эди.
Изоҳ (0)